Парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайлов куни ҳам тобора яқинлашиб бормоқда. Ташкилий масалалар ва тегишли вазифаларни яна бир карра аниқлаштириш сайловнинг муносиб ўтишида муҳимдир.
Бухоро вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши арафадаги долзарб вазифалар яна бир бор муҳокама қилиб олинди. Туман(шаҳар) сайлов комиссиялари раислари ҳам иштирок этган йиғилишда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси М.Олимов ҳамда раис ўринбосари Роҳила Отаева йиғилишда қўйилган масалалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Хусусан, жорий йилнинг 16-октабр санасидан бошлаб 23-октабргача муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтади. Унда маълум сабабларга кўра сайлов куни ўз яшаш манзилидан йироқда бўлган сайловчилар ўзларининг сайлаш ҳуқуқларидан фойдаланиб, яшаш манзилидаги тегишли участкага борган ҳолда овоз беришлари мумкин. Айни пайтда жами сайловчиларнинг 10 фоизи микдорида бюллетенлар участкаларга тарқатилган. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари республика бўйлаб иш кунлари 9-18 га қадар, дам олиш кунлари эса соат 11 дан 17 га қадар давом этади.
Шунингдек йиғилишда муддатидан илгари овоз бериш тартиби ва регламенти, сайлов жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган шарт-шароитлар ва бошқа масалалар хусусида ҳам фикр алмашилди.