12.09.2024

359

msk_yangiliklari_in

Сайлов – овоз бериш орқали давлат органлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш воситаси. Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириши – уларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишининг энг муҳим шаклларидан бири. 

 

Мамлакатимизда 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайлов ўтказилади. Шу муносабат билан Бухоро туманида мазкур сайловни ўтказувчи комиссия аъзоларининг малакасини ошириш бўйича ташкил қилинган ўқув-семинарлар қизғин давом этмоқда.

 

 

Жумладан, 16-мактабда тумандаги участка сайлов комиссияларининг аъзолари учун сиёсий жараён янгиликлари, сайловдаги асосий вазифалар, фуқаролар билан ишлаш тартиби ҳамда бошқа жиҳатлар бўйича батафсил тушунча берилмоқда. Мазкур участка комиссия аъзоларига 4 нафар моҳир тренер томонидан ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Дарслар мобайнида сайловга оид ўқув қўлланмалар, ҳужжатлар, видеороликлардан ҳам кенг фойдаланилмоқда.

 

– Участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари ҳамда котиблари иштирокида ўтказилаётган ўқув жараёнларида тренерларнинг бераётган маълумотлари натижасида саволларга ҳам ўрин қолмаяпти, – дейди ўқув-семинар иштирокчиси Зулфия Шахобова. – Семинарда ҳар бир жиҳатга, айниқса, сайлов комиссиялари бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлаш тартиби, сайлов тизими борасидаги билимларимиз мустаҳкамланяпти,

 

Бухорода участка сайлов комиссияси аъзолари учун ўқув-семинар 18 сентябрга қадар босқичма-босқич давом этади.

 

Бухоро вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур