Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига номзодлар рўйхатга олинди

20.09.2024

18562

msk_yangiliklari_in

Бухоро вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Сайлов кодексининг 37-моддасига кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялар номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ҳудудий сайлов комиссияси номзодларни белгиланган тартибда рўйхатга олади ва улар ҳақидаги маълумотлар расмий эълон қилинишини ташкил этади. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

 

 

– Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги 50 та сайлов округига бешта сиёсий партиянинг ҳар биридан-бир нафардан, жами 250 нафар номзод тўғрисдаги аризалар “э-сайлов” тизими орқали комиссияга юборилган, – деди ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Роҳилахон Отаэва. – Номзодларни тавсия этишда, албатта, гендер тенглигига аҳамият қаратилган.  Биз номзодлар ва улар ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқдик. Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мос келади.

 

Йиғилишда партиялар томонидан кўрсатилган 250 нафар номзодни халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

 

Сайлов кодексининг 40-моддасига белгиланганидек, ҳудудий сайлов комиссияси беш кунлик муддатда номзодлар рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, партияга мансублиги, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

 

Шунингдек, йиғилишда халқ депутатлари  вилоят Кенгаши депутатлиги сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқотини олиб бориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

Бухоро вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

матбуот маркази

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур