БУХОРОДА УЧАСТКА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИНИНГ ТАРКИБИ ТАСДИҚЛАНДИ

17.09.2024

2570

msk_yangiliklari_in

Бухоро вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳудудий комиссия аъзолари ҳамда туман ва шаҳар комиссиялари раислари иштирок этган йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Йиғилишни вилоят ҲСК раиси М.Олимов олиб борди.

 

Қайд этилишича, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари, ҳарбий қисмлар командирлари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари раҳбарлари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар кўриб чиқилиб, тасдиқлаш учун “Э-сайлов” ахборот тизими орқали ҲСКга юборилган. 

 

 

 

Муҳокамалардан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 20- ва 23-моддалари ҳамда МСК томонидан тасдиқланган “Участка сайлов комиссияси тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, вилоятдаги 631 та участка сайлов комиссиясининг 6617 нафардан иборат аъзолари таркиби тасдиқланди.

 

Қайд этиш жоизки, комиссия аъзолари таркибида аввал сайловда иштирок этганлар, таълим, соғликни сақлаш тизимлари ходимлари, ҳуқуқшунослар, ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, жамоат ташкилотлари вакиллари кўпчиликни ташкил этганини кузатиш мумкин.

 

ҲСК қарори матни ва УСКларнинг тўлиқ таркиби ҳудудий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинган.

 

Бухоро вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

матбуот маркази

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур