Бухоро вилоятидаги сайлов участкаларида сайловга тайёргарлик давом этмоқда

27.09.2024

108

msk_yangiliklari_in

Яқинлашиб келаётган муҳим сиёсий жараёнларни намунали ўтказиш ва унда иштирок этиш халқнинг ҳуқуқий билими ҳамда сиёсий маданиятини ойнадек намоён этади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Бухоро ҳудудий сайлов комиссияси ҳамда сайлов участкаларида тайёргарлик ишлари аллақачон бошланган.

 

 

-          Сайлов – фуқароларнинг ўз ҳуқуқларидан фойдаланишнинг бир намунаси. Аҳолини овоз беришда иштирок этиш ва бу жараёнлар билан яқиндан таништириш соҳа вакилларининг зиммасида. Бухорода мавжуд 631 та участкада ҳар бир комиссия аъзосининг, дастлаб, сайлов бўйича ўтказилган ўқув-машғулотлардаги иштироки таъминланди. Аксарият комиссия аъзолари сайлов жараёнларини ўтказиш бўйича тажриба ва билимлари борлиги, айни муддао. Ҳозирда ҳар бир участкада ишлар Сайлов кодекси асосида олиб борилмоқда, - дейди Бухоро вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Роҳила Отаева.

 

Дарҳақиқат, сайловга мустаҳкам тайёргарлик кўриш учун керакли шароитлар яратиш ишлари аллақачон бошланган. Сайловга оид стендлар, бюллетень қутилари ва кабиналар ташкил этиляпти. Комиссия аъзолари учун алоҳида хоналар қонунга мувофиқ тарзда жиҳозланяпти.

 

 

-          Когон шаҳар 97-сайлов участкаси фаолиятига тўхталадиган бўлсак, тайёргарлик ишларига масъулият билан ёндашиляпти. Бемор, ёши катта, ногиронлиги бор ва бошқа фуқаролар рўйхатини тузиш чоралари кўриляпти. Сайлов кунига қадар ташкилий ишлар халқаро нормалар асосида тўла шакллантирилади,- дейди комиссия котиби Халил Набиев.

 

Хулоса қилиб айтганда, Бухоро вилоятида сайлов жараёнлари миллий қонунчилигимизга мувофиқ адолатли ва шаффоф ўтиши учун пухта тайёргарлик кўриляпти. Барча ҳаракатлар сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ва мавжуд талабларга риоя этган ҳолда режали амалга ошириляпти.

 

Айтиш жоизки, қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизимини ташкил этишнинг аҳамияти юқори. Зеро, ҳар бир юқори овоз олган номзод халқимизнинг ишончи билан депутатликка сайланади ва у ҳар ишда аҳолининг таянчига айланиши лозим.

 

Бухоро ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур